Маҳалла раислари энди уч йилга сайланади
(last modified Wed, 06 Feb 2019 15:50:27 GMT )
феврал 06, 2019 20:50 Asia/Tashkent
  • Маҳалла раислари энди уч йилга сайланади
    Маҳалла раислари энди уч йилга сайланади

Ўзбекистон Конституциясининг 105-моддасида “Шаҳарда, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга оқсоқолни сайлайди”, деб белгилаб қўйилган.

Олдинги қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётган эди. Шунингдек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати шунда эдики, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш имконияти чекланганди.

Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланишининг олди олинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди, яъни у сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Эндиликда Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи алоҳида республика комиссияси тузилади. Бундан кейинги сайловларда яширин овоз берилади.

Ўқув-семинарда қайд этилишича, эндиликда ҳар уч йилда бир ўтказиладиган сайловлар фақат май ойида бўлади. Шунингдек, бу жараёндаги бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.