Ҳарбий пенсионерлар жамоат тартибини сақлашга жалб этилади
(last modified Sat, 09 Feb 2019 05:49:20 GMT )
феврал 09, 2019 10:49 Asia/Tashkent
  • Ҳарбий пенсионерлар жамоат тартибини сақлашга жалб этилади
    Ҳарбий пенсионерлар жамоат тартибини сақлашга жалб этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 майдан:

2020 йил май ойига қадар Тошкент вилоятида тажриба тариқасида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ оммавий тадбирларга шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган тадбирларга (жамоат тадбирларига) Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг ишламайдиган пенсионерларини 2 ҳафтадан кам бўлмаган, лекин 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга шартнома асосида жалб этиш;

пенсионерларга шартнома асосида ҳақ тўлашни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгиланишича, Тошкент вилоятида пенсионерларни жамоат тадбирларига жамғарма ҳисобидан жалб этиш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади:

а) Тошкент вилояти туман (шаҳар)лари ички ишлар бўлимлари:

пенсионерларни жамоат тадбирларига жалб этишда буюртмачи сифатида иштирок этадилар;

пенсионерлар ўртасида тарғибот ишларини ўтказадилар ҳамда жамоат тадбирларида иштирок этиш истагини билдирган пенсионерларнинг рўйхатини юритадилар;

жамоат тадбири бошланишидан камида ўн беш кун олдин буюртмани шакллантириб, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига тақдим этадилар;

пенсионерлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузадилар;

б) Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси:

туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларидан келиб тушган буюртмаларни умумлаштириб, жамоат тадбирлари рўйхатини шакллантиради;

йиғма буюртмани туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан жамоат тадбирларини ташкил этиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ўтган ой учун жамоат тадбирларида иштирок этган пенсионерларни амалда қатнашган кунлари бўйича тасдиқланган табель ва иш ҳақи ҳисобланганлиги бўйича қайдномаларни тақдим этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан шартномага асосан жамоат тадбирларига жалб этилган пенсионерларнинг иш ҳақи учун ўтказилган тўловларни пенсионерларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди.

Ёрлиқ