Ўзбекистонда пул қийматини ўзгартириш режалаштирилмаяпти
Ўзбекистонда миллий валютанинг деноминациясини (пул қийматини ўзгартириш - таҳ.) ўтказиш вазифаси қўйилмаяпти. Бу ҳақда республика Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуротов сешанба куни маълум қилди, дея хабар беради Кун уз мухбири
Унинг сўзларига кўра, бу жараёнга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак, сабаби «нозик масаладир». Бироқ, техник жиҳатдан уни амалга ошириш қийин иш эмас.
«Пул қийматини ўзгартириш одатда макроиқтисодий вазиятни, биринчи навбатда - инфляцияни барқарорлаштириш мумкин бўлганда амалга оширилади. Деноминация - техник масала, уни ўтказиш жуда осон. Худди Беларусда бўлгани каби оғриқсиз амалга оширса ҳам бўлади. Биз ҳозирча олдимизга бундай мақсадни қўймаяпмиз. Мавжуд купюралар қулай ва аҳолининг нақд пулдан фойдаланиш бўйича талабларига жавоб беради», - деди Нурмуротов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилди. Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси (тематикаси) буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган.
Бундан олдин, Марказий банк миллий валюта қийматининг ўзгариши тўғрисидаги маълумотни рад этганди.