Ўзбекистон бош прокуратураси: собиқ бош прокурорга нисбаттан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаган
Ўзбекистон Бош прокуратураси Amnesty International ташкилотининг гўёки собиқ бош прокурор Р.Қодировга нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатилгани, қўпол муносабатда бўлингани, шунингдек, бошқа судланувчиларга нисбатан ҳалигача қийноқлар хавфи сақланиб қолинаётганлиги тўғрисидаги мурожаатига
Таъкидланишича, терговнинг бошиданоқ Р.Қодировга ҳимояланиш ҳуқуқи берилган, адвокатнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки, шунингдек, у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.
“Тергов давомида суд-тиббий экспертиза ўтказилган, унинг хулосасига кўра, Р.Қодировнинг соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган”, - дейилади расмий баёнотда.
Бош прокуратура Рашид Қодиров ва бошқа иштирокчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки тергов давомида уларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасаларининг доимий назорати остида бўлгани, ишни судда кўриб чиқиш жараёнида ҳам доимий тиббий ёрдам кўрсатилаётгани ва барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган алоҳида махсус транспорт воситаси ажратилгани маълум қилган.
Тергов давомида Р.Қодиров ўз айбини фақат қисман тан олган, бу эса унга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва унинг бундай мазмундаги кўрсатмаларини олишда унга нисбатан қандайдир босим ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир, дея қўшимча қилинган хабарда.
Бош прокуратура томонидан Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича 22.02.2018 йилда қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.