Қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эмас, ТИВ эса ҳозирча аниқ маълумот бермаяпти
Жамбул областининг Қордай тумани ҳудудида, «Олмаота-Тошкент» автойўлининг 181-километрида йўловчи автобус ағдарилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.
Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда Tengrinews хабар тарқатди
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганларнинг 7 нафари Қозоғистон, 3 нафари Ўзбекистон фуқароси, яна бир кишининг шахси аниқланмади. Жабрланган ҳолда шифохонага ётқизилганлар орасида эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор», дейилган хабарда.
20 апрель куни тонгда, маҳаллий вақт билан соат 05:09да Қозоғистон жанубидаги Жамбул области Қордай тумани ҳудудида, «Олмаота—Тошкент» трассасининг 181-километрида Van Hool русумли йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Автобусдан олдинда кетаётган Toyota Camry автомобили юк машинаси билан тўқнашгач, ҳайдовчиси тўқнашувдан қочишга уринган ва автобус ағдарилиб кетган.
Ҳодиса жойида 8 киши ҳалок бўлган, 32 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган, кейинроқ уларнинг 3 нафари вафот этган.