Ўзбекистон, Покистон ва Туркиянинг илк ҳарбий машғулотлари бошланди
Кеча “Фориш” полигонида “Ҳамдўстлик қалқони—2019” ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу машғулотлар 27 апрелга қадар давом этади.
Унда Покистон ва Туркиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташелари, Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги вакиллари иштирок этди.
“Ҳамдўстлик қалқони-2019” ўтказилаётган ҳамкорликдаги ўқув машқларида ҳарбий хизматчилар жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш борасида ўзаро тажриба алмашадилар.
“Осиёнинг энг илғор армиялардан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон армияси билан тажриба алмашиш, биз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бир неча кун давом этадиган ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувлар уччала томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлади”, — дейди Покистон махсус бўлинмаси командири Салмон Тариқ.