май 04, 2019 11:18 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг ЕҲХТдаги собиқ элчиси айғоқчиликда айбланиб, қўлга олинди

Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) вакили лавозимида ишлаган Қодиржон Юсупов «давлатга хоинлик қилиш»да айбланиб қўлга олинган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Юсуповнинг яқин қариндоши айбловни инкор этиб, ҳолатга бошқача шарҳ берди.

«У киши руҳий хасталиклардан азият чекади. Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги вакили сифатида Қодиржон 1994 йили декабрда ўтган саммитга масъул эди. Будапештда ўтган саммитга Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов келган, тадбирлардан кўп ўтмай Юсупов руҳиятида биринчи ноодатий ҳолат кузатилган. Шахсий шифокор унда шизофрения аломатларини топган ва даволаш курсини назоратга олган», — дейди суҳбатдош.

Юсупов қаттиқ стресс ва босим остида ишлагани унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатган. Яқинларининг таъкидлашича, тутқаноғи ва касаллиги оқибатида у ўз ҳаракати, онгини бошқара олмаслиги мумкин, аммо тегишли муолажалар бардавом қилинса, унинг соғлиғи нормаллашади. Шундан сўнг, атрофга ижтимоий хавф туғдирмайди.

2018 йил 3 декабрь куни Қодиржон Юсупов тахминан соат 8.45да Тошкент метрополитенининг «Пушкин» метро бекатидаги темир йўл рельсига йиқилиб тушган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, у енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганди.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган, 2002-2005 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматини бошқарган Юсупов рельсга йиқилиб тушмаган, балки ўз жонига қасд қилганди. 

«У ўша кунлари ўзини ноодатий тутишни бошлади, касаллиги кучайганди. Шифохонага ётқизилган Қодиржон турли сўзларни айтиб, алаҳсирай бошлади. Ўзини хориж махсус хизматлари айғоқчиси, дея тан олган Юсупов аслида нима дейишини билмасди», — дейди унинг қариндоши.

Маълум қилинишича, Юсупов шифохонадан ДХХ Тергов қамоқхонасига ўтказилган. Унга нисбатан ЎзЖК 157-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этиш тўғрисида айблов эълон қилинган.

Ёрлиқ