Ўзбекистонда блокланган BBC Uzbek, Fergana Agency, «Uzmetronom» ишга туширилди
Ўзбекистонда блокланган айрим хорижий сайтлар ишга туширилди.
Алламжоновга кўра, агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир томонидан эълон қилинган айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиқди.
Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. 10 майдан эътиборан Voice of America, «Америка овози», BBC Uzbek, Deutsche Welle, Amnesty International, Human Rights Watch, Reporters sans frontieres, Eurasianet.org, AsiaTerra, Fergana Agency, Centre1, «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.
«Алоҳида эътироф этиш лозимки, давлат раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайдилар. Шунга кўра, агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради.