Ислом Каримов Асака заводини корейсларга қандай сотган?
Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов ЎзА билан суҳбатда Ислом Каримов Асакадаги прицеп заводини Жанубий Кореянинг Daewoo ширкатига қандай сотгани ҳақида гапириб берди.
Ражабовнинг айтишича, унинг ўзи тайёр заводнинг корейсларга сотилишига қарши бўлган ва Асакадаги бўш ерда янги завод қуришни таклиф қилган.
«Ўшанда мен ҳукумат раиси ўринбосари эдим. Асакадаги ҳозирги автомобиль заводи ўрнида тракторларга прицеп ишлаб чиқарадиган корхона бўларди. Иттифоқо президент Кореяга борди. У ердан туриб менга „Сенинг Асакадаги прицеп заводингни корейсларга сотдим“, дея телефон қилди. Ваҳоланки, заводнинг ўзи бинойидек ишлаб турган эди. Прицеп чиқаришнинг ҳам машаққатлари оз эмас, чунки оддий машина тўртта одамни ташиса, у юк ташийди: тормозлари, ғилдираклари, дисклари мустаҳкам бўлиши керак. Мен у кишига, „Автомобиль заводи керак бўлса, ишлаб турган завод орқасидан 45 гектар ер ажратайлик, янгидан қуришсин“, дедим. Лекин ўзингиз биласиз, давлат раҳбари „Мен ваъда қилдим“ деб тургач, унинг қарорига қарши чиқиб бўлмайди», — дейди Раҳим Ражабов.
1997 йилда ҳукуматни тарк этган собиқ мулозим ўша пайтларда президент атрофида давлатга виждонан хизмат қиламан, деган одамлар камайиб, номаъқул одамлар кўпайиб, ҳаммаси бир «мафия» бўлиб қолганини билдирди.
«Мундоқ ўйласангиз, президентни ёмон дейдиган одам мен бўлишим керак эди. Ўша пайтда, „Сен билан ишламайман“ дея кетганимча — ўттиз йилдан буён ҳалиям ишламайман. Ҳеч кимнинг „одами“ ҳам бўлмаганман», — дейди у.