Ўзбекистон республикасидаги жоме масжидларида Рамазон ҳайити намози ўқилди
Бугун Ўзбекистондаги жоме масжидларида Рамазон ҳайити намози ўқилди
Шавкат Мирзиёевнинг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ улуғ айёмга мамлакат миқёсида тайёргарлик кўрилди. Масжидлар, зиёратгоҳлар, тарихий қадамжолар ободонлаштирилди. Кам таъминланган оилалар, меҳрга муҳтож болалар, ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди, уларга совға-саломлар улашилди.
Муборак Рамазон кунларида Тошкентда Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Термизда Ҳаким Термизий каби улуғ алломалар номи билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари фойдаланишга топширилди.
Президент кўрсатмасига мувофиқ Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган 156 нафар юртдошлар, асосан, аёллар ва болалар Ватанга олиб келинди. Муборак ойда осойишта юртига қайтган бу аёллар, бегуноҳ болалар, уларнинг яқинлари қалби нурга тўлди.
Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, 575 фуқаро афв этилди. Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан берилган маълумотга кўра, бу йил мамлакатдаги 2000 дан зиёд масжидда таровеҳ намози, 1200 дан ортиқ масжидда хатми Қуръон қилинди. Қорилар хориж мамлакатларида, хусусан, АҚШ, Россия ва Малайзияда ҳам Қуръонни хатм қилди.
Пойтахтдаги Ҳазрати Имом жоме масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.