Гулнора Каримованинг «музлатилган» пулларидан 133 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилади
Швейцария бош прокуратураси текширувлар асосида 130 миллион Швейцар франки (133 миллион доллар) миқдоридаги Гулнора Каримованинг «музлатилган» пулларини Ўзбекистонга қайтариш қарорига келган.
«Олти йилдан бери олиб борилаëтган мураккаб жиноят иши терговининг бир қисми сифатида Бош прокуратура Ўзбекистон бозорига кирмоқчи ëки фаолиятини давом эттирмоқчи бўлган хорижий компаниялардан йирик миқдордаги ноқонуний йиғимлар олиниши схемасини фош қилувчи далилларга эга бўлди. Бу схема доирасида йиғилган пуллар хорижда, асосан Швейцарияда ювилган.
Ушбу текширувлар асосида... 130 миллион франк қийматдаги активлар Ўзбекистонга қайтарилади», дейилади прокуратура хабарида.
Прокуратура хабарида қайд этилишича, бу маблағлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг қариндошига нисбатан тергов жараёнида мусодара қилинган эди.
Швейцария Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2004−2013 йилларда «ўта фаол бўлган» Гулнора Каримованинг ҳукм қилинган қариндоши (исми ошкор қилинмаган эркак киши) пул ўтказмаларининг келиб чиқиш манбалари ва ҳақиқий фойдаланиш мақсадларини яширган ҳолда улардан бир қисмини ювиш мақсадида компаниялар номидан банк ҳисоб рақамларини очади. У шунингдек, маблағларнинг ҳақиқий эгаси Гулнора Каримова эканини яшириш учун сохта банк ҳужжатларига имзо чекади.
Текширувлар давомида бу шахсга 390 минг франк миқдоридаги жарима қўлланган. Бундан ташқари, прокуратура 130 миллион франкдан ортиқ маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилган.
Айни вақтда Швейцарияда бу иш доирасида яна 5 нафар гумонланувчи терговда бўлиб турибди, уларнинг ҳисобларидаги 650 миллион франкдан ортиқ маблағ ҳам музлатилган.
Эслатиб ўтамиз, Швейцария федерал прокуратураси 2012 йил ëзида очган жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган банк ҳисобларидаги 800 миллион франк маблағ музлатиб қўйилган эди.