Швейцария Гулнора Каримованинг 133 миллион долларини Ўзбекистонга қайтармоқчи
Душанба куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қариндошларидан бирини ўз ичига олган тергов давомида олиб қўйилган 130 миллион франк ($133 миллион)га тенг маблағнинг Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилди.
"Схеманинг бир қисми ўлароқ пуллар хорижда, хусусан, Швейцарияда ювилган," дейилади расмий баёнотда.
Швейцария Бош прокуратураси Каримова хонимнинг «қариндоши» исмини ошкор қилмаган, аммо унинг Ўзбекистонда узоқ муддатга қамалганини тилга олиб ўтган.
Бош прокуратурага кўра, «қариндош» пулларнинг асл эгаси, яъни Гулнора Каримова шахсини яшириш мақсадида бир қанча банк ҳисоб рақамларини очганликда айбланган ва Швейцария суди томонидан 390 минг франк ($400 минг) жаримага тортилган.
«Ушбу шахс, айниқса, 2004 ва 2013 йиллар давомида фаол ҳаракат қилиб, қатор компаниялар номидан пул ўтказмаларини қисм-қисм ўтказиш ва пулларнинг асл келиб чиқиши ҳамда йўналтирилган манзилини яшириш мақсадида банк ҳисоб рақамлари очган,» дейди Швейцария Бош прокуратураси.
«У, шунингдек, пулларнинг асл эгаси бўлмиш Гулнора Каримова шахсини яшириш учун сохта банк ҳужжатларини имзолаган.»
Гарчи «қариндош» шахси сир сақланаётган бўлсада, Бош прокуратура баёнотидаги тасвирлар унинг Гулнора Каримованинг собиқ фуқаровий эри Рустам Мадумаров бўлиши эҳтимолига ишора қилмоқда.
Ҳозирда Швейцарияда Гулнора Каримова ишига алоқадор беш шахсга нисбатан тергов жараёнлари давом этмоқда ва яна 650 миллион франк ($666 миллион) музлатилган ҳолда қолмоқда.
Бундан бир кун аввал эса Instagram тармоғида ўзини «Гулнора Каримова Жамоаси» дея номлаган ва Каримова хонимга оид ишончли маълумотларни тарқатишини иддао қилувчи аккаунтда Ислом Каримов тўнғичининг «мурожаатномаси» эълон қилинган.
Мурожаатномада Гулнора Каримова ўтган йиллар давомида ўзгаргани ва аввал қўл урган ишлари учун ўзини «айблай оладиган даражага етгани»ни таъкидлай туриб, бутун халқ ва унинг аҳволини тушунувчилар ҳамда ундан зарар кўрган инсонлардан кечирим сўраган.
Шунингдек, мурожаатномада Каримова хоним Ўзбекистонда мавжуд ўз активлари тақдирига ҳам ойдинлик киритган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовадан давлат олиб қўйган маблағлар миқдорини аниқ ҳисоблай олмаётганини билдираётганига қарамай, Каримова хоним Ўзбекистон ҳудудидаги $1.2 миллиардга тенг шахсий маблағи унинг назоратидан чиққани ва Республика бюджети фойдаси учун хизмат қилаётганини айтади.
Бундан ташқари Гулнора Каримова Швейцариядаги музлатиб қўйилган ҳисоб рақамларида сақланаётган активлари масаласи фақат ўзига боғлиқ эмаслиги ва уларга эгалик қилиш йўлида бошқа давлатлардаги кўплаб одамлар ҳам жон куйдираётганини билдиради.
Мурожаатда Гулнора Каримова ўз адвокатлари Швейцарияда сақланаётган $131 миллион миқдоридаги пул маблағини сақлаб қолиш билан боғлиқ ҳужжатларни қайтиб олгани ва у қолган $555 миллионга нисбатан даъвогарликдан ҳам воз кечиш арафасида эканини таъкидлайди.
Ўзининг пуллардан воз кечаётганини билдира туриб, Каримова хоним одамларнинг уни «олий ёвузлик» сифатида кўрмасликларидан умид қилаётганини ҳам эслатиб ўтади.
«Айни вақтда мени соғлигим ва икки жарроҳлик амалиётини бошдан кечиришим зарурияти ташвишга солмоқда,» деб ёзган Гулнора Каримов бундай муаммолар ортидан президентга мурожаат қилишга мажбур бўлаётганини таъкидлайди.
Бироқ Гулнора Каримованинг соғлигидан шикоятига қарамай, айни шу куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли аёллар учун умумий тартибдаги колонияга Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳамадиев ташриф буюргани ва шу ерда сақланаётган Гулнора Каримованинг аҳволи билан танишгани хабар қилинди.
Расмий хабарда Гулнора Каримова муассасанинг тиббий шахсий таркибига ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам ва эътибор учун миннатдорчилик билдиргани ҳам у врачлар кўрсатмаси асосида зарурий тиббий дори-дармонларни ўз вақтида олаётгани, айни дамда эса унинг соғлиги қониқарли ҳолатда экани иддао қилинади.
Аммо Каримова хонимнинг мурожаатидаги сўзлар мазкур расмий баёнотда келтирилган иддаоларга қарама-қарши келмоқда.
"Давлатга хиёнат қилиш" ва «давлатга қарши террор амалларини содир этиш»да айбланаётган аёллар ҳам ўз оиласига қайтаётган бир пайтда, менинг болаларим ҳам онасининг бағрида бўлишга лойиқ, деб ёзади у.
Мурожаати сўнгида Гулнора Каримова мамлакат қонунларига ишониши ва тез орада озод этилишидан умид қилаётганини маълум қилади.
BBC