Ўзбекистон энергетика вазири МАГАТЭ бош директори ўринбосарини қабул қилди
(last modified Wed, 21 Aug 2019 05:25:13 GMT )
август 21, 2019 10:25 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон энергетика вазири МАГАТЭ бош директори ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Энергетика вазири Алишер Султонов ва Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори ўринбосари — Ядро энергетикаси бўйича департамент раҳбари Михаил Чудаков ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликнинг Михаил Чудаков раҳбарлигидаги делегацияси Ўзбекистонга расмий сафари доирасида ўтказилди.

Ушбу ташриф муҳим сана — Ўзбекистон Республикаси ва МАГАТЭ ўртасида ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллиги шарафига тадбирларни ўтказишга бағишланган.

Мулоқот давомида Алишер Султонов ва Михаил Чудаков Ўзбекистон ва МАГАТЭ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, ушбу ҳамкорлик чорак асрдан буён давом этиб келаётгани ва мамлакатда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Таъкидлаганидек, Ўзбекистон эндиликда атомдан тинч мақсадда фойдаланувчи мамлакатлар сафидан жой олган бўлиб, мазкур соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиши лозим бўлади.

Тошкент шаҳрида Миллий ядро тадқиқоти университети «Москва муҳандислик-физика институти»нинг (НИЯУ МИФИ) филиали ташкил этилган ва фаолиятини бошлаш арафасида бўлиб, илк талабаларни саралаб олиш муваффақиятли ўтказилди.

Айни вақтда ўзбекистонлик 60 нафар талаба Россияда мазкур олий ўқув юртининг ўзида таълим олмоқда.

Ташриф доирасида МАГАТЭ раҳбарияти аъзоси Михаил Чудаков ва Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда қайд этилганидек, АЭС қурилиши лойиҳасини амалга оширишда хавфсизлик масаласи Ўзбекистон учун устувор аҳамият касб этади. Шу боисдан бу борада соҳадаги халқаро тажриба ва стандартлар фаол ўрганилмоқда, жумладан, МАГАТЕ мутахассисларининг билимларидан ҳам фойдаланиляпти.