Ўзбекистон: Каримовсиз уч йил
(last modified Thu, 05 Sep 2019 11:54:01 GMT )
сентябр 05, 2019 16:54 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон: Каримовсиз уч йил

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов фикрлари.

2016 йил 2 сентябрида Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг 78 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинди.

2003 йилдан Ўзбекистон Бош вазири лавозимини эгаллаб келган Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланди ва мамлакат ҳаётига оид муҳим қарорлар Ислом Каримовсиз қабул қилина бошлади.

Хўш, Ўзбекистоннинг биринчи президентисиз ўтган дастлабки уч йил мамлакат сиёсий-иқтисодий ҳаёти, инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиёсий мухолифати учун қандай бўлди?

 Бизнинг ташкилотимиз(Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи - таҳр) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини 1999 йилдан бошлаб кузатиб келади. Мана шу вақт давомида инсон ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида кўплаб материаллар, фактлар берганмиз. Агар ўша пайтларни кўрсак, инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари жуда кўпайган эди. Кўплаб мониторинглар ўтказганмиз, ўзимиз судда иштирок қилиб, кузатиб, ҳаммасини ёзма равишда ахборот берардик инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида, одамларнинг тергов пайтида қийноққа солиниши, айбловларни сохталаштирилиши ҳақида. Мана шу нарсаларни кўп кўтарганмиз. Инсон ҳуқуқлари вазиятини уч йил олдинги вақтга солиштирсак, БМТ комиссарининг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашгани ёки диний эркинликлар бўйича маърузачисининг Ўзбекистонга келгани ва Ўзбекистондаги диндорлар ёки диний эътиқоди учун қамалганларнинг ўзлари ёки яқинлари билан гаплашгани ва кейин маърузасини бергани, ва Ўзбекистондаги қилинган ишлар ва камчиликларни гапирган ва уларни тез орада тузатишни тавсия этгани, охирги мисол, "Жаслиқ" қамоқхонасининг бекитилиши инсон ҳуқуқлари борасида олдинга қўйилган қадамлардан бири деб биламан. Аҳвол кейинги уч йилда қандай бўлаяпти? Очиғини айтиш керак, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари ҳали ҳам бор. Лекин уч йил олдинги даражада эмас. Мисол учун, ўша пайтдаги инсон ҳуқуқлари топталишини 100 фоиз деб оладиган бўлсак, ҳозир 20, балки 25 фоизи ҳали ҳам мавжуд. Масалан, қийноқлар бугун ҳам бўлаётган бўлса ҳам у даражада эмас, қамоқхоналарда, колонияларда жуда ҳам камайиб кетган. Фақат тергов изоляторида ёки кучишлатар тизимлари қўлга олиш вақтида кузатилаяпти. Анча камайган, 75 фоизга камайган деса бўлади. Жиноят ишларини сохталаштириш масаласи, афсуски, ҳали ҳам мавжуд. Лекин улар ҳам камайган. Диний эътиқод бўйича айблов қўйиш ёки қўлга олишлар деярли йўқ бўлди, деса ҳам бўлади. Қийноқ, айбловни сохталаштириш ва баъзи ҳолларда, чет элларда анча йиллар бўлиб қайтиб келганлар, улар орасида намозхонлар бор, ўша вақтларда қидирувга қўйилган намозхонларнинг фамилиялари ҳали ҳам қидирувда бўлгани учун аэропортларда, чегарадан ўтиш пайтида хавфсизлик хизмати ёки ички ишлар ходимлари томонидан текширувлар бўлаяпти. Фарқини оладиган бўлсак, ўша пайтдаги инсон ҳуқуқларини бузилиш ҳолларининг тўртдан учи камайди. Тўртдан бири қолди.

ВВС

Ёрлиқ