Ўзбекистон: Каримовсиз уч йил
(last modified Thu, 05 Sep 2019 12:03:21 GMT )
сентябр 05, 2019 17:03 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон: Каримовсиз уч йил

Мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг фикрлари.

2016 йил 2 сентябрида Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг 78 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинди.

2003 йилдан Ўзбекистон Бош вазири лавозимини эгаллаб келган Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланди ва мамлакат ҳаётига оид муҳим қарорлар Ислом Каримовсиз қабул қилина бошлади.

 Хўш, Ўзбекистоннинг биринчи президентисиз ўтган дастлабки уч йил мамлакат сиёсий-иқтисодий ҳаёти, инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиёсий мухолифати учун қандай бўлди?

Каримовнинг қандай одам эканлиги, қандай сиёсатчи ва 27 йил ичида нималар қилгани ҳақида, у ҳокимиятда экан, у президент экан, мен жуда кўп марта айтганман. Яъни, Ўзбекистонга ҳеч бир хайр ва ҳеч бир яхшилик олиб келмаган бир сиёсатчи сифатида тарихда қолди. Лекин Каримовнинг қолган мероси - сиёсий режим ўзгаради, деб кутдик биз уч йил давомида. Афсуски, режим ўзгаргани йўқ. Баъзи ретушлар бўлди, уни ўзгартириш учун гўё ҳаракатлар қилинган бўлди. Ва биз умид билан мана уч йил кутдик. Аммо орқамизга қараганимизда, ўзгарган ҳеч бир нарса кўринмайди, афсуски. Табиий, бироз юмшади режим. Бироз инсонларнинг гўё дардига қулоқ солинаётгандек кўринди. Лекин умумиятла режимни ҳали ҳам Каримов режими деб атаса бўлади. Бугунги Мирзиёевнинг бошқараётган услуби, унинг ижтимоий ҳаётда, сиёсатда ва иқтисодда олиб бораётган сиёсати Каримовнинг сиёсатидан жуда кўп ҳам фарқ қилмайди. Фақат ташқи кўриниши бироз ўзгаргандек. Бу, албатта, Каримовнинг характери билан Мирзиёевнинг инсоний характери ўртасидаги фарқ. Инсон сифатидаги фарқ режимнинг фаолиятида ҳам акс этаётган бўлса, ўша фарқ кўринади, холос. Яъни, Каримовга қараганда бироз юмшоқроқ кўринади Мирзиёев олиб бораётган сиёсати. Аммо маъно жиҳатидан, мазмун жиҳатидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Каримовнинг чорак асрдан кўпроқ олиб борган сиёсати натижасида Ўзбекистон 1991 йилда расман мустақил давлат эълон қилинганидан кейинги давр ичида бўлиши керак бўлган жойда эмас бугун. Чунки Советлар қулаган пайтда Ўзбекистон ўша 15 та Совет жумҳуриятларининг ичида инфраструктураси жуда соғлом, бой ресурсга эга, иқтисодий жиҳатдан ҳам анча олдинда бўлган жумҳуриятлардан биттаси эди. Ва бу потенциал билан, мустақил бўлганидан кейин бор ресурслар миллатнинг ўзига қолди. Биз ўша пайтда севиндик: "мана мустақил бўлдик, олтинларимиз, бошқа бойликларимиз Москвага кетмайди, биз ўзимизда бўлади" деб. Лекин шунча имконият бўлишига қарамасдан, шунча катта потенциалга эга бўлган бир ўлка бугун жуда олдиндаги ўлкалар қаторида бўлиши керак эди. Ўша пайтда Ўрта Осиёда энг олдинда бўлган ўлка бугун энг орқада. Бу - Каримовнинг хизмати, агар хизмати дейдиган бўлсак. Мен буни Каримовнинг фалокати дейман. Афсуски, ўша фалокатини бугун ҳам яшаяпмиз. Бунинг асоратидан қутулиш учун яна 10-15 йил керак бўлади. Агар, табиийки, сиёсат ўзгарса. Лекин бугунгидай Каримов режими давом этадиган бўлса, Каримовнинг асоратидан қутулиш истиқболда кўринаётгани йўқ бугун.