Франциялик компания Ўзбекистондаги туризм бозорини таҳлил қилишга ёрдам беришни режалаштирган
Ўзбекистоннинг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Францияга сафари чоғида Horwath HTL (Hotel, Tourism and Leisure) компанияси бошқарувчи ҳамкори Филипп Дойзелет ва маслаҳатчиси Анастасия Боева билан учрашиб мулоқот қилди
Учрашув Ўзбекистон туризм бозори таҳлилини амалга ошириш ҳамда меҳмонхоналар қуриш мавзусига бағишланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга саёҳат қилаётган туристлар сони жадал ўсиб бораётгани сабаб мамлакат туризм бозорида мавжуд инфратузилмалар таҳлилини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шу боис Абдулазиз Аққулов Horwath HTL вакиллари билан Ўзбекистоннинг қайси вилоят ва шаҳарларида бу борада камчиликлар мавжудлиги, қайсиларида қурилишлар мувозанатли равишда амалга оширилмаётгани, қайси ҳудудларда кўпроқ жойлашув воситалари қуриш кераклиги, уларнинг қайси тоифага мансуб бўлиши каби муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Horwath HTL мамлакат туризм бозорининг кутилаётган қамровидан келиб чиққан ҳолда, аниқ стратегия тузиб беради. Инвесторларни Ўзбекистонга жалб этишда айнан шу хулосаларнинг аҳамияти катта бўлади. Сармоядорлар шундай баҳо берувчи компаниялар таҳлилидан келиб чиқиб, бирор жойга пул тикиш ё тикмасликка доир қарорга келишади.
Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, уларнинг таҳлили асосида Ўзбекистонда турли тоифа меҳмонхоналарни жалб қилишга ҳам ёрдам берилади.