Ўзбекистон ҳарбий контингенти «Марказ-2019» ўқувларида қатнашиш учун Россиянинг Оренбург шаҳрида борди
Кеча Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий контингенти 16-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Марказ-2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқувларида қатнашиш учун Россия Федерациясининг Оренбург вилоятига етиб борди.
Юз нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли икки дона С-295 ҳарбий транспорт авиацияси самолётларида Россия Марказий ҳарбий округининг Оренбург вилоятидаги ҳарбий аэродромига қўнди.
«Вакилларимиз Россия Марказий ҳарбий округи қўмондонлиги томонидан рус урф-одатларига кўра, ҳарбий оркестр садолари остида илиқ кутиб олинди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ҳарбий контингенти ўқув машқ шартлари доирасида яратиладиган шароитда штаб офицерлари ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳамкорликда қўшин гуруҳларининг ҳаракатларини режалаштириш ва ташкил этиш бўйича вазифаларни бажариш учун Донгуз полигонига йўл олди.
Эслатиб ўтамиз, стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида саккиз мамлакат – Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этмоқда.