Тошкентда «Жиҳотчилар» диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди
(last modified Thu, 24 Oct 2019 06:46:13 GMT )
октябр 24, 2019 11:46 Asia/Tashkent
  • Тошкентда «Жиҳотчилар» диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди

Кеча 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган «Жиҳотчилар» диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Дарё сайтига кўра, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам мазкур оқим фаолиятига алоқадор бўлганлиги боис жазо муддатини ўтаб чиққан. Бироқ улар яна жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Жиҳодчилар» оқими ғояларини тарқатган ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.

Шунингдек, улар ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, жиноят содир этишга чорлаган, дейилади вазирлик хабарида.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, «Жиҳодчилар» оқими ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.

 

Ёрлиқ