Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатини Ўзбекистонга кириши тақиқланди
ЎЗбекистон соибқ презиентининг тўнғич қизи,Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа ўз мижози билан кўришиш вақтида белгиланган қоидаларни бузганлиги сабабли Ўзбекистонга киритилмаган.
Дарё сайтига кўра, Гулнора Каримованинг манфаатлари ҳимоясида қатнашаётган адвокатлар хусусида кўплаб сўровлар келиб тушмоқда.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, адвокатларнинг барчаси Гулнора Каримованинг яқин қариндошлари томонидан ёлланган бўлиб, тегишли тартибда адлия органлари томонидан берилган адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади.
Адвокатлар билан барча муносабатлар Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида амалга ошириб келинмоқда ҳамда улар томонидан ўз мижози ҳуқуқларини ҳимоя қилишда чекловлар ҳақида бирон-бир шикоят ва илтимоснома келиб тушмаган.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, амалдаги қонунчиликда чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган.
Қайд этилишича, ўзини Гулнора Каримованинг адвокати сифатида таништириб келаётган Грегуар Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Гулнора Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган. Унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.
Бош прокуратурага кўра, ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Грегуар Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга оширган. Манжа Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари ҳақидаги олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган маълумотларни пиар мақсадида тарқатган ва адвокатларнинг умумеътироф этилган этика қоидаларини бузган.
Жазони ижро этиш муассасалари халқаро ҳуқуқни ҳимояловчи ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлиб, уларнинг мониторинг ҳисоботлари мунтазам равишда чоп этиб борилади, дейилади идора хабарида.
Бош прокуратуранинг таъкидлашича, ўзбек тарафи мутаносиб чора тариқасида Грегуар Манжанинг Ўзбекистон Республикасига киришига рухсат беришни рад этишга мажбур бўлган.