декабр 22, 2019 11:37 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда парламент сайловлари бошланди

22 декабрь куни эрталаб соат 08:00да Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов участкалари очилди. Сайловда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериши мумкин.

Кун.уз сайтига кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 10 миллион 147 минг 772 нафари эркак, 10 миллион 355 минг 690 нафари аёл; 2 миллион нафар илк бор сайловда қатнашиб, овоз бериш ҳуқуқидан биринчи марта фойдаланиши кутилмоқда.

Сайловчиларнинг 1 миллион 721 минг 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 сайлов участкасига бириктирилган. Қолган қисми Ўзбекистон ҳудудидаги 10 минг 260 сайлов участкасидан бирида овоз беради.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва хорижий давлатларда ташкил этилган 55 сайлов участкасида 12 декабрдан 18 декабрь соат 18:00 га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилди. Унда Ўзбекистон бўйича 59 минг 226 сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 89 минг 807 сайловчи-ватандошларимиз муддатидан олдин овоз берган.

Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта брайл ёзувидаги бюллетенларда овоз бериш ташкил этилаётир. Шу билан бирга, ҳудудларда рўйхатга олинган ёши улуғ инсонлар, ногиронлар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга уй шароитида овоз бериш имконияти яратилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан жами 825 хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари аккредитациядан ўтказилган ва уларга мандатлар топширилди. Улар 9 халқаро ташкилот ва 41 хорижий давлат вакилларидир.

Ёрлиқ