Президентнинг қизида қандай имкониятлар бор? Саида Мирзиёева тушунтириб берди
2 февраль куни янги ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи - фонд васийлик кенгаши Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, ўзига бўлаётган танқидларга тўхталди. У сўзида тарихни яхши билиши ва у такрорланмаслигини айтди.
“Мен давлат лавозимида ишлаганимда ва бугун янги фондда иш бошлаётганимда турли танқидий ўхшатишларга учрадим. Имкониятдан фойдаланиб, сизларни ишонтириб, шуни айтмоқчиманки, мен ўзимдаги бутун масъулиятни яхши тушуниб турибман. Мен отам олиб бораётган ислоҳотларда фойдали бўлиш учун максимал даражада ҳаракат қиламан”, дейди Мирзиёева.
У сўзида давом этиб, тарихни билиш ва ундан хулоса чиқарганини айтиб ўтди.
“Биз тарихни ўргандик, хатоларни ҳам. Улар бизни асл мақсаддан чалғитмаслиги керак. Бир нарсани айта оламан: Президентнинг қизи бўлиш алоҳида имконият эмас, у жавобгарлик. Мен буни яхши англайман. ”, деди Саида Мирзиёева.