Ўзбекистонда халқаро террористик ташкилотининг яна 21 нафар аъзоси ушланди
(last modified Thu, 27 Feb 2020 06:33:31 GMT )
феврал 27, 2020 11:33 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда халқаро террористик ташкилотининг яна 21 нафар аъзоси ушланди

Кеча, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида халқаро террористик ва экстремистик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, мазкур шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ноқонуний диний йиғилишлар ўтказишган. Унда Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаганлар.

Хабарда ёзилишича, улар ушбу ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштириб келганлар.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244.2-моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ва вилоят ҳудудидаги 24 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.

Таъкидланишича, ушбу шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилган. Далиллар қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкентда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган 21 террорчи қўлга олинганди.

Ёрлиқ