Гулнора Каримова колонияда нима иш қилаётгани маълум бўлди
Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётган шаҳрисабзлик маҳкума у билан бирга бир жойда жазо муддатини ўтаган Гулнора Каримова ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Каримова билан бирга “ўтирган” маҳкумадан Kun.uz интервью олди.
Унинг айтишича, Гулнора Каримова колонияга илк келган вақтида бу ердаги шароитларга кўниккан. «Қовун қовундан ранг олади. У ҳам биздан ‘ранг олди’. Аммо кейинчалик маҳкумалар ва ходимларга муомаласи ўзгара бошлади. Охир-оқибатда ўзининг ҳурматини йўқотди», — деди маҳкума.
«У билан жуда кўп саломлашавермасдим, чунки эрталаб ишга кетардим. Кечки пайт эса кутубхонага борардим... У давлатдан қарзи бўлгани учун муассаса ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхонасида ишларди. Шу корхонада тикувчи эди», — дея маълум қилди маҳкума.
Шаҳрисабзлик маҳкума қамоқдоши Гулнора Каримова қамоқхона овқатларидан бош тортиб, фақат печенье еб кун кўргани ҳақидаги гаплар қисман ҳақиқат эканлигини айтди. «Бу ердан ҳам овқатланарди, уйидан келган ‘передача‘ларни ҳам ерди», — деди у.