Ўзбекистон ташқи қарзи 40 фойизга ошди
Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2019 йил бошидан 40,9 фоизга ёки 7,1 млрд. долларга ошган ҳолда, 2020 йил 1 январь ҳолатига 24,4 млрд. долларни ташкил қилди.
review.uz сайтига кўра, Ўзбекистон Марказий банк ҳисоботига кўра, 2019 йилда қарздорликнинг ўсиши асосан давлат секторига тўғри келди (5,7 млрд. доллар), шундан 1 млрд. доллари халқаро облигациялар ҳисобига шаклланган.
Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 млрд. долларга ошди.
Қайд этилишича, 2019 йил давомида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,8 млрд. доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 2,1 млрд. доллар, нефт-газ ва энергетика ташкилотлари – 208,2 млн. доллар, тўқимачилик сектори корхоналари – 131 млн. доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 391,2 млн. доллар томонидан амалга оширилди.