Ислом Каримов Мирзиёевга хат ёзди: Куёвингизга ўтиб кетди
Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон ўзларининг Instagram саҳифасида президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мурожаатни эълон қилишган. Унда Каримованинг суд ишлари, унинг мамлакатдаги бойликларига оид янги тафсилотлар очиқланган. Мурожаат мазмунига қаралса, у Гулноранинг ўғли Ислом Каримов номидан битилгани англашилади.
Кичик Ислом Каримовнинг иддаосига кўра, Гулнора устидан бўлиб ўтган сўнгги тергов ва суд иши "шу қадар бемаънилигидан" уни судьялар, терговчилар ва прокурорлар ишни қандай юритмаслиги намунаси ўлароқ ҳуқуқ йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун "қўлланма сифатида чоп этиш мумкин".
У терговчи Расул Юлдашев гувоҳлар кўрсатмаларини ўзи истаганча ўзгартиргани ёки талқин этгани, гувоҳларнинг ўзи ҳам судда буни тасдиқлаганини иддао қилади.
2020 йил 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этган эди.
Суд уни жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли, деб топган ва бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблашни белгилаган эди.
"Болаларингиз ойимни доим олқишларди"
Мурожаатда президент Мирзиёевнинг оиласи Гулнора Каримова билан доимо яқин муносабатда бўлгани ҳам даъво қилинади.
"Қадрли Шавкат Миромонович! Биз сизни болалигимиздан билганмиз. Бир вақтнинг ўзида сизнинг фарзандларингиз ҳам бизнинг туғилган кун тантаналаримиз, style.uz ва ойимиз томонидан ташкилланган бошқа барча тадбирларда иштирок этганлар ва уни доим олқишлаганлар. Ҳозир бўлаётган воқеалар бобомиз хотираси учун ачинарли. Кўз олдимизда сиз ва оилангиз учун кўп ишлар қилинган эди, лекин ҳозир бу ҳақида сўзлашни истамаган бўлар эдик", дейилади мурожаатда.
Шунингдек, Ислом Каримов мамлакатда унинг оиласига тегишли бўлган «ягона» уй ноқонуний тарзда тортиб олинганини айтади ва тегишли органларни бу уйнинг тунаб кетилишига йўл қўйиб берганликда айблайди.
Унинг ёзишича, марҳум президент Ислом Каримов бу уйни шахсан ўзи танлаган ва набиралари шу уйда туғилиб, ўсишини истаган.
Мурожаатда уй учун тўлов 1993 йилда Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи томонидан амалга оширилгани ҳамда бу уйнинг Каримовага оид жиноят иши бўйича мусодара этилиши қонунга зид бўлганини англатиши айтилади.
Кенжа Каримов терговчи уйни жиноят иши важи билан тортиб олиш мақсадида унинг сотиб олиниши санасини 2001 йилга ўзгартириб қўйганини даъво қилади.
Шунингдек, мурожаатда 2017 йилда прокуратура ходимлари томонидан уйга ўғри тушганлиги тўғрисида хабар қилингани ҳам айтилган.
"Прокуратуранинг юқори рутбали ходимлари билан суҳбатлар давомида олинган тасдиқланган фактларимиз бор: уй Президент хавфсизлик хизмати томонидан қўриқланган бўлган. Кўриниб турибдики, бир неча соат ичида уйдаги барча нарсаларни олиб чиққан фургонлар ва одамларни "мўъжизавий тарзда" ўтказиб юборганлар. Ўғрилар уйга кира олган бир пайтда, унинг қонуний эгаларида бундай имкон йўқлиги ғалати", ёзилади мурожаатда.
Ислом Каримов бобоси мамлакат учун "жуда кўп ишлар" қилган бир пайтда, унинг оиласи "ягона уйи"дан айрилганини таъкидлайди.
'Куёвга ўтган' Coca-Cola
Ислом Каримов Ўзбекистонда онасига тегишли бошқа қатор мулклар суд ҳукмисиз президент Мирзиёевнинг куёви назоратига ўтиб кетганини ҳам иддао қилган.
"Бобомизнинг шахсан танлови ва иштирокида барпо этилган дачамиз аралаш жанг санъати спорти уюшмаси остида куёвингизнинг назоратига ўтиб кетди", дея таъкидланади мурожаатда.
2019 йилда маҳаллий нашрлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Сижжак» дам олиш маскани Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров раислигидаги Триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилишини хабар қилган эди.
Бундан ташқари Ислом Каримов Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи ҳам президентнинг исми тилга олинмаган куёвига ўтиб кетганини даъво қилган.
"Отамиз M.Maqsudining сўзларига кўра, юз миллионлаб АҚШ доллари қийматидаги оилавий бизнесимиз бўлмиш Ўзбекистондаги Koka-kola заводимиз ҳам куёвингиз назоратига ўтган".
Ислом Каримов онасининг иши доирасида тортиб олинаётган мулклар ва маблағлар давлат бюджетига қайтарилаётганини савол остига олади.
"Дачамиз, Коkа-кола заводи ва бошқа активлар, қонунда белгилангандек, очиқ савдога чиқарилганини эшитмадик", ёзади у.
Ёпиқ эшик ортида кўрилган иш
Кенжа Каримовнинг ёзишича, Гулнора Каримовага нисбатан очилган иш жамоатчилик эътиборини жалб этмаслик мақсадида "атайин махфийлаштирилиб", ёпиқ деворлар ортида кўриб чиқилган.
Ислом Каримов онасига тегишли бўлган кўплаб мулклар ва активлар давлатга қайтарилмагани ва улар, айни пайтда, "бошқа эгаси"ни топиб кетганини ҳам маълум қилади.
У бюджетга қайтарилмай, ўзлаштириб юборилган мулклар ва активларнинг узун рўйхатини ҳам қўшимча қилган
(Рўйхат айни мурожаатдаги каби келтирилмоқда):
- Ўзбекистон Почтаси
- Perfectum Mobile
- МДС
- Юқори технологияли жиҳозларга эга икки хусусий клиника
- Турли қурилиш лойиҳалари доирасида Тошкентнинг энг зўр жойларида қурилган 98 квартира
- Ўнлаб локациялари ва жиҳозлари билан Габусдаги акциялар
- Аэропортлар ва шаҳардаги савдо жойларига эга Duty Free
- Ucell акциялари
- Paynet акциялари
- Pepsi-Cola'нинг 26 фоиз акциялари
- Ўзбекистон ҳудудида расман иш бошлаган дистрибуцияга эга Levi's, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа биринчи рақамли брендлар дўконлари тармоғи
- Ҳинд, итальян, француз, хитой ва япон ошхоналарини татбиқ этишда биринчилардан бўлган 5 та ресторан
- Энг замонавий жиҳозларга эга 4 та кинотеатр
- Ўзбекистонда энг биринчилардан бўлган 2 спорт ва спа клуби
- Қурилиш ишлари бошланган 20 дан зиёд қурилиш нуқталари
- ИИВ биноси қаршисида илк бор қад ростлаганидан бери мавжуд бўлган «Корзинка» тармоғи акциялари
- Тошкент вилояти ва бошқа вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги майдонлари
- Чорвачилик фермалари
- Шаҳар марказидаги савдо майдонлари (20 дан ортиқ нуқта)
- Яшаш ва тижорий мақсаддаги биноларни ижарага бериш билан шуғулланувчи риелторлик компаниялари (60 дан зиёд)
Ислом Каримов Мирзиёевга "ўғил сифатида" қилган мурожаатида президентнинг онаси билан боғлиқ иш тафсилотларидан тўлиқ хабардор бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилади ва онасининг озод этилишидан бор умид президентдан эканини айтади.
"Бу бизнинг биринчи мурожаатимиз эмаслиги, айниқса, мурожаатимизда аниқ ҳужжатли фактлар келтирилганини ҳисобга олиб, жавоб олишга ҳаққимиз борлигидан умид қилиб қоламиз", дейди кичик Ислом Каримов.
Ўзбекистон расмий идоралари Каримова фарзандларининг сўнгги иддаоларини шарҳлаганича йўқ.
Гулнора Каримовнинг хориждаги бойликлари
Ўтган йил июн ойида Би-би-сининг нима сабабдан Гулнора Каримова билан ҳамкорлик тўхтаб қолган, деган саволига Бош прокуратура матбуот котиби шундай жавоб берганди:
"Кеча Имон Каримова томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилган маълумотлар дедингиз, ҳужжатлар дедингиз мен бу фикрингизга тўлиқ қўшила олмайман. Чунки Гулнора Каримованинг қариндошлари томонидан, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида баён қилинган фикрлари ҳужжат аҳамиятига эга эмас. Агарда бу борада қариндошлари томонидан расмий мурожаат билан мурожаат қилинса ва бу борада фикрларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса, уларга бу борада конструктив жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳар бир ўз позициясини мустақил билдириш мумкин бўлган қариндошларининг ижтимоий тармоқдаги ҳар бир фикрига Бош прокуратура ўзининг муносабати ёки шарҳини беришга мажбур эмас, деб ўйлайман".
Бош прокуратура матбуот котибига кўра, Каримовага тегишли хориждаги пулларни Ўзбекистонга қайтариш ишлари ҳамкорликда олиб бориляпти.
"Бу қайтариш жараёнининг ўз талаб ва мезонлари бор. Сиз айтган шаффофлик талаблари ҳам ва уларни келганидан кейин йўналтириш масаласи ҳам барчаси Ўзбекистон олдига қўйилган ва ўзаро талаб асосида амалга оширилади. Албатта ўз вақти билан активлар қайтарилганидан кейин, албатта жамоатчиликка бу активларни қайтарилиши юзасидан суммалари ва уларни қаерга йўналтирганлиги юзасидан тўлиқ батафсил маълумот берилади", дейди Бош прокуратура матбуот котиби.
2028 йилгача қамоқда
Шу йил мартида Ўзбекистон Олий суди Гулнора Каримова "ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари" устидан суд навбатдаги ҳукмни чиқаргани ҳақида хабар берган.
Унга мувофиқ, Каримова 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
Жазонинг тўлиқ муддати амал қилса, Каримова 2028 йилгача қамоқда қолииш мумкин.
Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.
АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.
Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" юкланган.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси Гулнора Каримованинг хориждаги маблағ ва активларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.
Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузганликда айблайди.
2019 йилнинг 10 декабрида Бош прокуратура Гулнора Каримованинг швецариялик адвокати Грегуар Манженинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаганди.
Гулнора Каримованинг миллионлари- Ўзбекистон ва дунё
Президент Каримовнинг тўнғич қизи ва бир вақтлар унинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ва ташқарисидаги коррупцион схемаларга алоқадорлиги билан боғлиқ текширувлар 2014 йилдан буён давом этади.
Британиянинг Йирик қаллобликларга қарши кураш Бошқармаси Гулнора Каримова мулкларни коррупция йўли билан қўлга киритган, деб ишонади.
Шу йил феврал ойида Имон Каримова ҳам Instagram тармоғидаги ўз саҳифасига онаси Гулноранинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатини жойлаган эди.
Гулнора Каримова ёзгани айтилган ушбу мактубда у ўз оиласи ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида муносиб шартлар эвазига ҳукумат билан муросага бориши мумкинлигини маълум қилган.
"Муносиб шартлар асосида оиламизнинг Швецияда музлатилган сўнгги пулларига бўлган ҳар қандай даъводан воз кечишга тайёрман" - деган у.
Гулнора Каримова ўзини очиқ суд қилмасдан, ишни енгиллаштирган ҳолда ёпиш эвазига Ўзбекистон ҳукумати ҳисобига 686 миллион доллар ўтказилишига қаршилик қилмаслигини билдирган.
Кузатувчилар Гулнора Каримованинг Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат қилиб, озодлик эвазига 686 миллион доллар таклиф қилганини чорасизлик, дея баҳоламоқда. Қамоқда ўтаётган вақт Каримова фойдасига бўлмаяпти, дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
Гулнора Каримова 2017 йилдан бошлаб ундан олиб қўйилган 1.2 миллиард долларлик мол-мулк моддий зарарни қоплаш сифатида қайд қилинмаганини алоҳида таъкидлаган.
У болалари рўйхатдан ўтган ва қонунан, олиб қўйиш мумкин бўлмаган уй ҳам мусодара қилинганини, ўзи ва фарзандларининг ҳужжатларидан тортиб бошқа шахсий буюмларини ҳам ололмаётганидан нолиган.
Каримова хоним Швециядаги пулларидан Ўзбекистон фойдасига воз кечиш қисман бошлаганини айтган.
Унинг таъкидлашича, шу вақтгача 131 миллион долларга даъвогар эмаслигини айтган.
Бу пуллар 2020 йил январ ойида гуманитар лойиҳаларга қайтарилиши керак бўлган, бироқ ДХХ ва Бош прокуратура томонидан босимлар бўлгач, Гулнора Каримованинг адвокатлари томонидан тўхтатиб қўйилган.
Шавкат Мирзиёевга ўзи яхши таниган икки фарзанднинг онаси сифатида мурожаат қилаëтганини айтган Гулнора Каримова¸ соғлиғига жиддий путур етгани ва зудлик билан операцияга муҳтожлигини урғулайди ҳамда озодликка чиқарилишини сўрайди.
Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си Ўзбек хизматига 2017 йил ўзларида Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимларга нисбатан компромат материаллар борлигини айтганди.
Францияда истиқомат қилаётган таҳлилчи Камолиддин Раббимов Гулнора Каримованинг инжиқликлари фойда бермагани учун пул таклиф қилаётганини айтади.
"Гулнора Каримова олдин инжиқлик қилиб кўрди, компроматлар борлигини айтди. Бироқ натижа бўлмади. Каримова ҳолатидаги вазиятнинг қалтислиги шундан иборатки, унга нафақат ҳукуматдагилар, балки Гулноранинг ўз оиласидагилар ҳам қарши ва унга ишонишмайди. Яқинлари Гулнорани назорат қилиш имконсиз эканлигини, у истаган вақти истаган нарсани гапириб юбориши мумкинлигини яхши билади" - дейди Камолиддин Раббимов.
Таҳлилчига кўра, Гулнора Каримова вақт унинг зарарига ишлаётганини билиб турибди. Бу кетишда фурсатни бой беришини ҳис қиляпти. Шунинг учун ҳам ҳукуматга озодлиги эвазига пул таклиф қилаётган бўлиши мумкин.
Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Гулнора Каримова ўзидаги бор пулни таклиф қилмаётгани эҳтимоли йўқ эмас.
"У Ўзбекистоннинг иқтисодий мураккаб шароитда эканлигини билган ҳолда, бойликларидан маълум қисмини ҳукуматга таклиф қилмоқда. Гулнора Каримованинг бойлиги аслида қанчалигини ҳукумат тор доирасидаги одамлар билиши мумкин" - дейди у.
"Бундан ташқари таклиф қилинаётган пуллар Гулнора Каримова етказган зарарни тўлиқ қоплайдими, деган савол ҳам долзарб" - дейди Камолиддин Раббимов.
BBC