Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 4-10- май кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон президентлари билан коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.
- Ўзбекистон Тожикистонга 144 дона кўчма тиббий контейнер юборди.
- Шавкат Мирзиёев ва Ҳасан Руҳоний коронавируснинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш масалаларини муҳокама қилди.
- Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва Европа иттифоқининг олий вакили телефон орқали мулоқот қилдилар.
- Алишер Усмонов Сардоба фожиасини бартараф этиш учун 15 млн доллар ажратди.
- Москва областидаги ёнғин 6 нафар ўзбекистонлик умрига зомин бўлди.
- Сардобадаги сув тошқини оқибатида 4 киши ҳалок бўлиб, бир киши бедарак йўқолгани аниқланди.
- Қамоқ муддати беш марта узайтирилган диний маҳбус озод қилинди.
- Бухорода 70 ёшли қайнона келинини уриб ўлдирди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон томонидан Тожикистонга жўнатилган тиббий контейнерлар коронавирус пандемияси вақтида кўчма госпитал сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган
Ўзбекистон президенти зудлик билан 144 дона кўчма тиббий контейнерни инсонпарварлик ёрдами сифатида Тожикистонга юбориш ҳақида ҳукуматга топшириқ берди .
Контейнерлар юк поезди билан Душанбега етказиб берилди.
Таъкидланишича, контейнерлар коронавирус пандемияси вақтида кўчма госпитал сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган.
Беморларни қабул қилиш учун етарли жой бўлмаган касалхоналарга ёрдам бериши керак. Контейнерда каравот, душ, санузел ва кондиционер мавжуд.
Х Х Х

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 май, чоршанба куни Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали мулоқот қилди.
Таъкидланишича, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи муносабати билан самимий қутловлар алмашиб, бир-бири ва дўст халқларга коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ бугунги мураккаб даврда сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилади.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Президентлар пандемиянинг савдо амалиётлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари, экспорт-импорт юкларининг транзит ташувлари учун салбий оқибатларини камайтириш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга видеоанжуманлар ўтказиб боришни давом эттиришни топширди.
Шунингдек, коронавирусга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга, жумладан, ушбу хавфли касалликни профилактика қилиш ва даволаш борасида, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи галдаги чоралар бўйича ахборот ва тажриба алмашишга келишиб олинди.
Мулоқот чоғида халқаро ҳамкорликка оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланганидан буён Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон, Тожикистон, Жанубий Корея ва Туркия президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан ҳам коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди.
Х Х Х
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва Европа иттифоқининг олий вакили ўртасидаги телефон орқали мулоқот жараёнида ЕИ олий вакили ЖСТга қўшилиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб қувватлаган.
Кун.уз сайтига кўра, 2020 йил 4 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа иттифоқи комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнининг яқин орада якунланишига ва унинг олий даражадаги учрашув чоғида қабул қилинишига ишонч билдирдилар.
ЕИ олий вакили ЖСТга қўшилиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб қувватлади.
Жозеп Боррел мамлакат раҳбарияти томонидан коронавирус тарқалишини чеклаш ва пандемиянинг салбий оқибатларига қарши олиб борилаётган миллий ва минтақавий миқёсдаги чораларни юқори баҳолади.
Х Х Х
5 май кунига ўтар кечаси Москва областидаги Раменское туманида электр симларининг носозлиги сабабли муҳожирлар ётоқхонасида юз берган ёнғинда олти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлиб, қолган фуқаролар омон қолди.
Москва вилояти Дурниха қишлоғида ёниб кетган икки қаватли уй (майдони 200 метр) илгари маҳаллий аҳоли вакилига тегишли бўлган, аммо бундан бир неча йил олдин уй мигрантлар учун ётоқхона барпо этган тадбиркорга сотилган. Бундан ташқари, мигрантлар учун бир нечта яшаш вагонлари ер майдонининг ўзида ўрнатилган. Ҳаммаси бўлиб, гувоҳларнинг таъкидлашича, ётоқхонада эллик нафаргача одам бўлган. Сўнгги вақтларда изоляция туфайли мигрантлар уйни деярли тарк этишмаган --хабар бермоқда Кун.уз.
Ёнғин ҳақида маълумот фавқулодда хизматларга соат 4:21да келган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, кейин шифокорлар воқеа жойига етиб келишди. Ёғочдан қурилган иккинчи қават бутунлай ёниб кетган. Уч нафар эркак ва уч нафар аёл вафот этди - улар биринчи қаватга қулаб тушган. Ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари экани, тахминан 30 ёш атрофида бўлгани аниқланди.
Х Х Х
Қамоқ муддати беш марта узайтирилган диний маҳбус озод қилинди
Йигирма бир йилни қамоқда ўтказган бухоролик 43 яшар Жамшид Восиев 4 май куни озод этилди. Бу ҳақда унинг қариндоши “Элтуз”га хабар берди.
Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль портлашларидан кейин ҳибсга олиниб, конституцион тузумга тажовуз ва диний экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланган Восиев 11 йилга қамалган эди.
Жамшид Восиевнинг қамоқ муддати “жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” сабаби билан турли йилларда беш марта узайтирилган.
Охирги марта Зарафшон шаҳри судининг 2017 йил 16 майдаги ҳукми билан унинг жазо муддатига 3 йил қўшиб берилган.
Шу йилнинг март ойида БМТнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига бағишланган сессиясида муттасил жазо муддати узайтириб келинган Жамшид Восиев номи тилга олингани ҳақида “Элтуз” хабар берган эди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти П.Пазартис (Pazartis) Ўзбекистон делегацияси олдида қуйидаги саволларни қўйган:
«Яқинда дин эркинлиги бўйича махсус маърузачига Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан қамоқ муддати узайтирилгани ҳақида хабар келди. “Қамоқда ўзини тутиш қоидалари” билан танишиш учун улар қаердадир расмий шаклда чоп этилганми? Нима учун бу хавотирларни вужудга келтиради? Бизга 1999 йил февраль ойида Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган жаноб Жамшид Восиев ҳақида айтишди. Унинг қамоқ муддати ўзини тутиш қоидаларини беш марта бузганлиги учун узайтирилди. Охирги марта 2017 йил май ойида узайтирилган. У 2020 йил май ойида озодликка чиқиши керак. Аммо унинг қариндоши “ўзини тутиш қоидаларини бузганлиги сабабли” қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкинлигидан хавотирга тушмоқда».
Eltuz.com