Муҳаммад Солиҳ Мирзиёев истеъфосини талаб қилди
Мухолифатдаги "Эрк" партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ Президент Шавкат Мирзиёeвнинг истеъфосини талаб қилиб чиқди.
Мурожаат "Ваъдалардан бошқа, баландпарвоз сўзлардан бошқа сиз нима бердингиз халққа?", деган савол билан бошланади.
Мурожаатнинг биринчи нуқтасида "Иқтидорга келиб, сўз берган бутун ислоҳотлардан воз кечдингиз", дейилган.
"Танқид этган журналистларни "авария" туси бериб, ўлдирдингиз", дейилади мурожаатнинг давомида.
Мурожаатда Сардоба мавзуси ҳам тилга олинган: "Сардоба" сув омборини халқнинг бошига ағдардингиз. Бу фожиада Ўзбекистон ва Қозоғистонда жами 100 000 минг одам хонавайрон бўлди", дейилган.
BBCUZBEK.COM билан суҳбатда мухолифат лидери ӯз мурожаатидаги айрим нукталарни шарҳлаб, жумладан шундай деган: Мирзиёев эътирофга арзирли нима қилган бўлса, шу кунгача ўтган 4 йил ичида эътироф қилиб келдим. Аммо Мирзиёевдан радикал сиёсий ислоҳотлар кутдик. Уларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Бугунгача эркин матбуот йўқ. Бугунгача сўз эркинлиги йўқ. Яъни Facebook дан чиқиб гапириши мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг матбуоти ҳали ҳам Каримов матбуоти турибди. У ерда одамлар чиқиб ўзининг фикрини айтиб, ҳокимиятни танқид қилиб фикр билдира оладими, ҳукуматнинг нашрлари? Билдиролмайди. Яъни сўз эркинлиги борасида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Муҳаммад Солиҳнинг ушбу мурожаатига қарши “Дунё ӯзбеклари” сайтининг бош муҳаррири, мухолифатдаги журналист Исмат Хушев “Президентдан қӯлингни торт, кӯзингни оч!!!” сарлавҳаси билан видеодастур нашр эттирди.