Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти билан онлайн музокара ўтказди
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти кенгаймоқда: Тошкент ва Андижонда ваколатхоналар ишламоқда, келаси цил Урганчда ваколатхона очилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти билан видеоалоқа орқали музокара ўтказди.
Суҳбат давомида Сума Чакрабарти Сирдарё вилоятидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ҳамда пандемия кенг ёйилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни юксак баҳолади.
Шавкат Мирзиёев ҳам Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан муносабатларида кейинги йилларда юксак даражага эришилгани ва самарали ўзаро ҳамкорлик амалга оширилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, ЕТТБ ва Ўзбекистон орасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва банкларни хусусийлаштиришдаги, энергетика ва нефть-газ тармоқларини ислоҳ қилиш, тўқимачилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ундан ташқари, фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттиришга, жумладан, Тошкент шаҳрида бўлажак Хорижий инвесторлар кенгашининг учрашуви ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши мажлисини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида келишиб олинди.
Бугунги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели қарийб 1,2 миллиард долларни ташкил этмоқда. Лойиҳалар хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемияси оқибатларини камайтиришга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, томонлар умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган янги лойиҳа таклифларини кўриб чиқмоқда.
ЕТТБ Тошкентдаги ваколатхонасини кенгайтирди, Андижон шаҳрида офисини очди. Келгуси йилда Урганч шаҳридаги офис ўз ишини бошлаши кутилмоқда.