Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги раундини ўтказдилар
(last modified Tue, 22 Sep 2020 05:42:24 GMT )
сентябр 22, 2020 10:42 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва  Туркманистон ТИВ раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги раундини ўтказдилар

Кеча Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилик қилди деб хабар қилган Дарё сайти.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сув хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларнинг ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувларнинг бажарилишини таҳлил қилди ва қўшма тадбирларни ўтказиш муддатлари, шу жумладан, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги раунди, Ўзбекистон–Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддатлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқди.

Транспорт, транспорт-коммуникациялари ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Вазирлар «Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон» халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилдилар.

Музокараларда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор бериб, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари кўриб чиқилди.