Россиядаги ӯзбеклар шифокорларга палов тарқатишяпти
Томск шаҳридаги ўзбеклар диаспораси фаоллари палов пишириб, миннатдорчилик рамзи сифатида коронавирус билан касалланганларни даволовчи шифокорларга тарқатмоқдалар.
Бу хайрли амални 2 ноябрдан бошлаган "Дружба" ўзбек маданият маркази кўнгиллилари ҳар куни 400 нафар шифокорга ӯзбек палови, салат ва нондан иборат тушлик пакетини етказиб бермоқда.
Шифокорларга бундай тарзда “ӯзбекона” миннатдорчилик билдиришни таклиф қилган Ўктам Махмудовни фаоллар қўллаб-қувватлашди, диаспора бошлиғи Саматулла Рўзиев эса савоб ишга рухсат берди.
"Бу инсоният учун ўз ҳаётини, соғлиғи ва куч-қувватини аямаётган ҳақиқий инсонларга эҳтиром ва миннатдорчилик белгиси,--шарҳлайди Саматулла Рўзиев. - Иш ҳақи – бу, меҳнат учун тўлов. Аммо бу усулда миннатдорчилик билдириш, бу бутунлай бошқа нарса. Шифокорлар хурсанд, биз ҳам яхшилик қилганимиздан мамнунмиз. Айниқса, бугунги қийин пайтда бир-биримизга ёрдам беришимиз жуда муҳим. "
Палов кафеда ёки махсус ошхонада эмас, балки «Азалия» гуллар дўконининг ҳовлисида тайёрланади. Бу ерда 50 кило гурунч элтадиган қозонда ҳар куни Мухтор исмли ошпаз ӯтин ёқиб, паловни соф ӯзбекча тарзда тайёрлайди.
Диаспора фаоллари бу хайрли амални Расули акрам (с)нинг мавлуд ойларида амалга ошираётганларидан хурсанд.
Йигитлар иккита автомашинада паловни олтита тез ёрдам шохобчасига, учинчи шаҳар касалхонасига, 4-сонли туғруқ хона, 2-сонли тиббий бўлим, Строител ва Томск туманлари марказий касалхонаси каби манзилларга етказиб беришади.
Томсклик ўзбеклардан кейин Омск ва Кемероводаги диаспоралар ҳам шифокорларни овқат билан меҳмон қилиш ишини бошладилар.
Атабек Абдуллаев, Томск шаҳри.