октябр 01, 2016 12:43 Asia/Tashkent
  • Марказий сайлов комиссияси (МСК) таклифига мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)
    Марказий сайлов комиссияси (МСК) таклифига мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)

Марказий сайлов комиссияси (МСК) таклифига мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) Ўзбекистонга юборишга қарор қилди.

Дарё.уз сайтига кўра, миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнидаги вазифалари ҳақида МСК матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов «Дарё»га қуйидагиларни маълум қилди.

— Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайлов арафасида сайловолди вазиятни ва сайловга тайёргарлик боришини баҳолаш, сайлов комиссиялари иши ташкил қилиниши, сайлов ўтказишга алоқадор давлат органлари, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайловолди жараёнидаги фаолияти билан танишиш учун юборилади. Миссия сайлов бўйича миллий қонунчилик умумеътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил этади.

Ушбу миссия хулосалари асосида ЕХҲТ ДИИҲБ сайловни кузатиш, унинг шакли, давомийлиги ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилади.

Миссия таркибига одатда ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловлар бўйича департаменти ходимлари киритилади. Амалиётлар кўрсатганидек, эҳтиёжларни баҳолаш 2—3 кун давомида амалга оширилади. Кейин икки ҳафтада хулоса тайёрланади. Бу гал ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини жорий йилнинг 11—14 октябрь кунлари юборишга қарор қилди. Миссия ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловлар бўйича департаменти бошлиғи Александр Шлик (Беларусь) ва мазкур департаментнинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Улви Охундлудан (Озарбайжон) иборат.

Миссия ўз ташрифи чоғида Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бўлиши, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Мазкур учрашувлар якунлари бўйича миссия ўз хулосаcсини тайёрлайди. Унда сайловнинг самарали, ишончли ва профессионал кузатувини амалга ошириш учун минимал шарт-шароитлар, сиёсий плюрализм, шаффофлик ҳамда жамиятнинг сайлов жараёнига ишончи мавжудлиги, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг аввалги сайловлар бўйича тавсиялари бажарилганлиги сингари мезонлар инобатга олинади.

ЭБМ Ўзбекистонга 2004, 2009 ва 2014 йилларда ҳам юборилган. 2015 йилда парламент ва президент сайловлари ўртасида кўп вақт ўтмаганини инобатга олиб, миссия жўнатилмаган. Ўтган йилларда миссия хулосаларига мувофиқ Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун ЕХҲТнинг 15—18 та аъзо мамлакатидан 25 кишидан кўп бўлмаган миқдорда Сайловни кузатиш бўйича чекланган миссияси юборилган эди.

Ёрлиқ