феврал 22, 2021 10:54 Asia/Tashkent
  • Франция давлати Тошкент шаҳрида сув таъминоти системасини яхшилаш учун 145 млн евро ажратмоқчи
    Франция давлати Тошкент шаҳрида сув таъминоти системасини яхшилаш учун 145 млн евро ажратмоқчи

Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро маблағ ажратишни маъқуллади

Ўзбекистон Инвестиция ва савдо вазирлиги матбуот хизматига таяниб Дарё сайтининг хабар қилишича, 20 февраль куни бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Франциянинг SUEZ компанияси катта ижрочи вице-президенти Эрик Гебали бошчилигидаги делегацияси учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида Франция компанияси раҳбарияти Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро маблағ ажратишни маъқуллаганини маълум қилган. Шунингдек, учрашувда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича масалалар ҳамда навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинган.

Эрик Гебали Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш бўйича режаларини баён этган. Улардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси бўлади. Лойиҳани рўёбга чиқариш компания томонидан грант асосида ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

 

Ёрлиқ