Ўзбекистон ва Покистон саммити ва ҳамколик тўғрисидаги ҳужжумларни имзолаш
14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари ўрин олди.
Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари муборак Рамазон ойи бошлангани муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Кейинги йилларда олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланишига, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа амалга оширилмоқда. Таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда.
Транспорт ва транзит соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш учун қулай шароитларни яратиш учун қўшимча чоралар кўриш, жумладан, имтиёзли савдо тўғрисида битим ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, қўшма ишбилармонлик форумларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.