Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 19-25 апрел кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Ўзбекистон илк бор дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтингидан ўрин олди.
- Сенат раиси: Коррупция ҳолатлари йил сайин кўпаймоқда.
- Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби билан телефонда гаплашди.
- Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтди.
- Ўзбекистон ва Англия дронлар соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи.
- Аҳолининг 83 фоизидан зиёди Ўзбекистонда коррупция бор деб ҳисоблайди.
- Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинди.
- Марказий банк: 5 фоизлик инфляция Ўзбекистон учун энг маъқул кўрсаткич.
- Диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонни махсус рўйхатга қайтаришни тавсия қилди.
- Ўзбекистоннинг диний уламолари турк филмларини кўрсатишга эътироз қилишди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон илк бор Американинг U.S. News & World Report журнали томонидан тузилувчи дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтингидан ўрин олди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати маълум қилди.
Рейтинг тўртта ҳудуддан 17 мингдан зиёд киши ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган. Улар дунёнинг 78 та мамлакатини 76 хил кўрсаткич бўйича баҳолаган.
Ўзбекистон сўров якунида 100 баллдан 3,4 балл тўплаган ва 78 та давлат ичида 73-ўринни эгаллаган. Рейтингдан МДҲ мамлакатларининг яна 5 давлати — Россия (24-ўрин), Озарбайжон (66-ўрин), Украина (71-ўрин), Қозоғистон (72-ўрин), Беларусь (75-ўрин) жой олган.
Энг яхши мамлакатлар ўнталигига Канада, Япония, Германия, Швейцария, Австралия, АҚШ, Янги Зеландия, Буюк Британия, Швеция, Нидерландия кирди. Канада турмуш даражаси ва ижтимоий мақсадлар кўрсаткичи бўйича 1-ўринни эгаллаган.
Экспертлар мамлакатни одамлар ривожланиши ва ўсиши мумкин бўлган барқарор, хавфсиз, очиқ, адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият деб ҳисоблайди. Рейтингда, шунингдек, ижтимоий адолат даражаси, ирқий тенглик ва ўз фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳам ҳисобга олинган.
Х Х Х
21 апрел куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилган. Бу ҳақда ТИВ сайтида хабар берилди.
Томонлар Ўзбекистон – Америка стратегик шериклигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилган.
Вазирлик сайтида ёзилишича, АҚШ томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга юқори баҳо бермоқда. Жумладан, одам савдосига қарши кураш ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар эътироф этилган.
Комилов ва Блинкен «C5+1» шаклидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этиб, Афғонистонда можародан кейинги даврда ижтимоий-иқтисодий ҳаётни қайта тиклаш учун мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш масалаларига тўхталган.
Абдулазиз Комилов Блинкенни жорий йил июл ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган.
Х Х Х
“Ижтимоий фикр” Маркази коррупцияга қарши курашиш бўйича жамоатчилик фикри сўровини ўтказди.
Сўралганларнинг 83,2 фоизи Ўзбекистон жамиятида коррупция мавжуд деб ҳисоблайди.

Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг аҳолиси кўпроқ коррупция борлигини айтган.
Сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, таълим тизими (38,4 фоиз), соғлиқни сақлаш соҳаси (35,3 фоиз) ва ишга жойлашишда (22,6 фоиз) порахўрлик кенг тарқалган.
Мансабдор шахсларнинг қанча қисми коррупцияга мубтало бўлган деган саволга иштирокчиларнинг 38,7 фоизи айрим вакиллари, 32,4 фоизи деярли ҳар иккинчиси, 17,2 фоизи эса катта қисми деб жавоб берган.
Х Х Х
23 апрел куни Ӯзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси келтирилди. Вакцинани етказиб беришда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак берди.
Таъкидлаш жоизки, февраль ойининг ўрталарида Ўзбекистон Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасидан юртимизда оммавий фойдаланиш учун сертификатлади ва тасдиқлади. Ушбу вакцинани сертификатлаш жараёни ишлаб чиқувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланди.
Тошкентга хитой–ўзбек вакцинасидан 1 млн доза олиб келинди.
Ўзбекистонга аҳолини эмлаш учун олиб келинадиган «Спутник V» вакцинасининг ярмини тадбиркор Aлишер Усмонов молиялаштирди.
Эслатиб ўтамиз, Ӯзбекистонда апрель-июнь ойларида 4 миллионга яқин фуқаро COVID-19га қарши эмлаш режалаштирилган эди. 2021 йил охирига келиб, бу кўрсаткич 7 миллионга ёки мамлакат аҳолисининг тахминан 20 фоизигача ўсиши мумкин.
Бугунги кунда Ӯзбекистонга ўзбек-хитой ва AstraZeneca вакциналарининг қўшимча дозаларини олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Х Х Х
АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни «махсус кузатув остидаги давлатлар» рўйхатига қайта киритишни тавсия этди. АҚШ Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди.
Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) дунё миқёсидаги диний эркинлик таҳлилига доир навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда комиссия АҚШ ҳукуматига Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «махсус кузатув остидаги» давлатлар рўйхатига қўшишни тавсия қилган.
Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди. 2018 йил декабрда эса Ўзбекистон диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирга молик» мамлакатлар рўйхатидан чиққанди.