Ўзбекистонда фуқаролик бериш тизими соддалаштирилади
(last modified Wed, 28 Apr 2021 08:27:28 GMT )
апрел 28, 2021 13:27 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда фуқаролик бериш тизими соддалаштирилади

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан амалиётда қўлланилиб келинаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига тан олишнинг тартиблари соддалаштирилмоқда.

Шунингдек, унда мамлакат ҳудудида ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролари, деб тан олиш белгиланмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида беш йил яшамасдан мамлакат фуқаролигини олиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш тартиби жорий қилиняпти. Ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқаролигига тан олинган болаларни Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.