Шавкат Мирзиёев : Ҳамма ташқи қарзимиз ўсиб бораётганини айтмоқда
(last modified Mon, 17 May 2021 05:05:00 GMT )
май 17, 2021 10:05 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев : Ҳамма ташқи қарзимиз ўсиб бораётганини айтмоқда
    Шавкат Мирзиёев : Ҳамма ташқи қарзимиз ўсиб бораётганини айтмоқда

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 33,8 миллиард долларни (ЯИМнинг 59 фоизни) ташкил этади

Шавкат Мирзиёев  макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатнинг ташқи қарзи масаласига тўхталиб ўтди.

«Ҳамма ташқи қарзимиз ўсиб бораётганини айтмоқда. Агар биз чет элдан кредит олмаганимизда, иқтисодиётимизни шу даражага кўтара олармидик? Биз ички ва ташқи пулларни ижтимоий-иқтисодий ҳаётни ўзгартириш учун сарфлаяпмиз... Агар ҳокимлар бугунги кунда дунёқарашини ўзгартирмаса, ишдан кетади. Улар ҳатто пул қаердан ва ниманинг ҳисобига келаётганини ҳам билмайди», — деган Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев охирги уч йил ичида ҳудудий дастурлар доирасида 16 триллион сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоиз пул тушумлари банкдан ташқари айланаётганини айтди. Жорий йилги 11,5 триллион сўмлик 2600 та лойиҳа пул тушумларининг 80 фоизи эса банкдан ташқарида муомалада.

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 33,8 миллиард долларни (ЯИМнинг 59 фоизни) ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан 37,4 фоиз ёки 9,2 миллиард долларга кўп эканлигини маълум қилган.

Ташқи қарзда давлат қарзи улуши 21,3 миллиард долларни ташкил қилган (ЯИМнинг 41 фоиз атрофида — макроиқтисодий барқарорлик учун 60 фоиз атрофида бўлиши хавфсиз ҳисобланади). Аксарияти давлат улушига эга бўлган хусусий секторнинг (банк, нефть-газ, энергетика, тўқимачилик ва бошқалар) қарздорлиги эса 12,5 миллиард долларга тенг деб келтирилган Кун сайти хабарида.