Ўзбекистон ТИВ раҳбари Туркманистон президенти билан учрашди
26 май куни Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида Ашхобод шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан қабул қилинди.
Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий сўзлари ва эзгу тилакларини етказган.
“Учрашувда олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди”, дейилади маълумотда.
Қайд этилишича, икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилган. Савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.
Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.