Россия Ўзбекистонга парвозлар сонини кўпайтиради
Россия Ўзбекистон, Беларус, Греция, Озарбойжон, Арманистон, Қатар, Тожикистон, Миср ва Сербияга парвозлар сонини кўпайтиради, Москва-Мюнхен рейси қайта тикланади, деб хабар берди мамлакатга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб.
Тезкор штаб ўзаро асосда Москва ва Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистон билан парвозлар сонини 10 июндан ҳафтасига қўшимча биттага оширишга қарор қилди.
10 июндан Беларус билан Москва-Минск йўналиши бўйича парвозлар сони ўзаро асосда ҳафтасига ўн мартагача оширилади. Бундан ташқари, 10 июндан бошлаб Гомел-Москва ва Полоцк-Москва йўналишлари бўйича кунлик темир йўл қатнови тикланади, Москва-Минск йўналишидаги “Ласточка” поездларида вагонлар сони кўпайтирилади.
Тезкор штаб Москва-Афина йўналиши бўйича Греция билан парвозлар сонини 10 июндан ҳафтасига иккитага оширишга қарор қилди. Озарбойжон (Москва-Боку), Арманистон (Москва-Ереван), Қатар (Москва-Доҳа) ва Тожикистон (Москва-Душанбе) билан ҳаво қатнови ҳафтасига бир парвозга кўпаймоқда.
10 июндан бошлаб Мисрга Москва-Қоҳира йўналишида ва Сербияга (Москва-Белград) еттита рейс амалга оширилади. Бундан ташқари, Москва - Мюнхен (Германия) йўналиши бўйича парвозлар тикланмоқда. Берлинга парвозлар аввалроқ тикланган эди.