Ўзбекистон ва Россия савдо айланмаси 10 миллиард долларга етказилади
Кеча Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойитилгани маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Россия расмийлариинг олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши изчил таъминланаётгани қайд этилди. Вазирлик ва идоралар ўртасида фаол мулоқот олиб борилмоқда, ўзаро ташрифлар ташкил этилиб, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари аниқланмоқда деб хабар қилган Кун сайти.
Ушбу муносабатлар фаоллиги Ўзбекистон президентининг Россияга кутилаётган давлат ташрифи кун тартибининг амалий мазмунига ҳам ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.
Ҳукуматлар раҳбарларининг фикрича, Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик барқарор ривожланиб келмоқда.
Пандемияга қарамай, йил бошидан буён ўзаро савдо ўсиши таъминланди. Жорий йилнинг ўтган даврида савдо айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга ошди.
Икки мамлакат президентлари ҳукуматлар раҳбарларига яқин келажакда савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйганлиги қайд этилди. Бундай натижага фақат ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига чиқишига кўмаклашиш бўйича изчил амалий чораларни кўриш орқали эришиш мумкин.