Марказий банк: Ўзбекистон умумий ташқи қарзи 2 млрд долларга ошди
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон умумий ташқи қарзи 6 фоизга ёки 2 млрд долларга ошиб, 35,9 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми жорий йилнинг бошига нисбатан 6 фоизга ёки 2 млрд долларга ошгани ҳолда 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, 35,9 млрд долларни (жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 млрд доллар)ташкил қилмоқда.
Хусусан, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627,9 млн. долларга ўсиб 22 млрд долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 11 фоизга ёки 1,4 млрд долларга ўсиб 13,9 млрд долларни ташкил этган.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида давлат ташқи қарзи бўйича 353,4 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 206,5 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.
Хусусий ташқи қарз тўловлари эса асосий қарз бўйича 1,6 млрд доллар ва фоиз тўловлари бўйича 238,8 млн долларни ташкил қилган.
Бунда асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини банклар, нефт-газ ва энергетика соҳасидаги корхоналар амалга оширган.
Марказий банк маълумотларига кўра, умумий ташқи қарз ўсувчан тенденцияга эга бўлиб, ундаги ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатдики, давлат ташқи қарзи ўсиши ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланса, хусусий секторда эса асосан тижорат банклари ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарзларнинг қисман сўндирилиши ҳисобига ўсиш кузатилган.
Аввалроқ, Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йил учун 5 миллиард доллар миқдорида ташқи қарз жалб қилиш белгиланганини маълум қилганди. 2020 йилда эса олинган давлат ташқи қарзлари 5,4 миллиард долларни ташкил этган.