Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,21 млрд долларни ташкил қилди
Жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 800 млн долларга ошиб, 35,21 млрд долларни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,21 млрд долларни ташкил қилди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич, 1 октябрь ҳолатига кўра, 34,41 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 800 млн долларга ошганини кўрсатмоқда деб хабар қилган Кун сайти.
Октябрь ойи давомида олтин ҳажми 12,3 млн троя унциядан 12,1 млн троя унцияга (тахминан 6,2 тонна) камайган бўлса-да, унинг қиймати 21,34 миллиард доллардан 21,66 миллиард долларга кўпайган.
Шунингдек, хорижий валюта активлари ҳам ўтган давр мобайнида 11,95 млрд доллардан 12,41 млрд долларга ошган.
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.