Ўзбекистон захира активлари яна 35 млрд доллардан тушиб кетди
Олтин арзонлашуви сабаб Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 декабрь ҳолатига кўра, 34,75 миллиард долларни ташкил этди.
Жорий йилнинг сўнгги бир ой ичида захирадаги олтин қиймати 1,2 миллиард долларга тушиб кетган — ҳозирда олтин захираси 20,44 миллиард долларга баҳоланмоқда. 20 декабрь ҳолати бўйича бир унция олтин қарийб 1800 долларни ташкил этяпти деб хабар қилган Дарё сайти.
Шунингдек, Ўзбекистон олтин захирасининг тоннаси ҳам камайган, бу қимматбаҳо металлни хорижга сотиш қайта тикланганини кўрсатади — бунга қадар Марказий банк олтинни фақат май—июнь ойларида сотганди. 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 354,58 тонна олтин мавжуд. Бу бир ой олдинги кўрсаткичдан 22 тоннага кам демак.
Шу билан бирга, захирадаги хориж валюталари ҳажми 788 миллион долларга ошган — бунинг ҳисобига захиранинг қисқаришини қисман компенсация қилишга эришилган. Мавжуд хорижий валюта миқдори 13,19 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Ҳозирги захиралар 20 ойдан ортиқ вақт давомида импортни молиялаштиришга етади. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган 3 ойлик даражадан анча юқори.