Шавкат Мирзиёев: "Ислом - ҳақиқатни англаш демакдир"
(last modified Wed, 19 Oct 2016 09:04:51 GMT )
октябр 19, 2016 14:04 Asia/Tashkent
  • Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари
    Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари

Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев чиқиш қилди

ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқининг тўлиқ матни "Жаҳон" ахборот агентлигида келтирилган.Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳтарам Раис жаноблари! Жаноби олийлари, ҳурматли вазирлар ва делегациялар раҳбарлари! Хонимлар ва жаноблар! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Аввало, сиз, азиз меҳмонларни, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларини, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг барча иштирокчиларини Ўзбекистон заминида қутлаш ва сизларга самимий ҳурматимни билдиришга ижозат бергайсизлар.Бугунги кунда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича энг нуфузли ва йирик институтлардан бири бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу муҳим анжуманини ўтказиш учун Ўзбекистон пойтахти – Тошкент танлангани учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Ушбу сессия муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонамиз. Мазкур форумга тайёргарлик доирасида эришилган ўзаро ҳамкорлик натижаларидан мамнунмиз. Бу борада Бош котибият ва шахсан унинг раҳбари жаноб Ияд Маданий, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан амалга оширилган самарали ишларни, бунда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳи намоён бўлганини юксак қадрлаймиз. "Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл" мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Ушбу мавзу катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, буюк давлат арбоби сифатида узоқни кўра оладиган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан, Аллоҳ у кишини раҳматига олсин, дунё халқлари, ўз халқи тақдири, бугунги мураккаб шароитда муқаддас динимизнинг аҳамияти ҳақидаги чуқур мулоҳазалар натижаси сифатида таклиф этилган эди. Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.