Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида уч поғона пастлаб, 86-ўринни эгаллади
(last modified Thu, 13 Jan 2022 06:42:33 GMT )
Январ 13, 2022 11:42 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида уч поғона пастлаб, 86-ўринни эгаллади
    Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида уч поғона пастлаб, 86-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Henley Passport Index индексида 2022 йилнинг биринчи чорагида 3 поғона пастлаб 86-ўринни эгаллади.

Henley & Partners компанияси томонидан тузиладиган Henley Passport Index индексида Ўзбекистон паспорти 2022 йил биринчи чораги бўйича 86-ўринни эгаллаган — у билан бир қаторда Габон жойлашган. Ўзбекистон мазкур рейтингда уч поғона пастлаган — 2021 йили у  83 ўринни эгаллаганди.

Рейтинг Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси берган маълумотлар асосида тузилган бўлиб, унда давлатларнинг фуқаролик паспорти ўз эгасига нечта мамлакатга аввалдан виза олмасдан (умуман виза олмасдан ёки етиб борганидан кейин виза олган ҳолда) кириб бориш имконини бериши инобатга олинган деб хабар қилган Дарё сайти.

Янгиланган рейтингга кўра, Ўзбекистон паспортига эга шахслар олдиндан виза олмаган ҳолда 57 та мамлакатга бориши мумкин.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон етакчилик қилмоқда — рейтингнинг 68-поғонаси, Қирғизистон — 80, Тожикистон — 84, Туркманистон эса 91-ўринда жойлашган.

Рейтингда биринчи ўринни Сингапур ва Япония эгаллаб турибди. Улар 192 та давлатга визасиз бориш ёки етиб боргандан кейин виза олиш ҳуқуқига эга. Жанубий Корея 190 та мамлакат билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди, учинчи поғонадан эса Испания, Италия, Люксембург, Финляндия ўрин олган. Уларнинг фуқаролари 189 та давлатга визасиз бориши ёки етиб боргандан кейин виза олиши мумкин.

Ёрлиқ