Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Украина можароси бўйича вазмин, нейтрал позицияда
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов “Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда” эканини алоҳида таъкидлади.
Асадовнинг айтишича, Расмий Тошкент барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим деб ҳисоблайди
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов шунингдек 25 феврал куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида кечган телефон мулоқоти борасида иккита томоннинг расмий релизи бир-биридан фарқ қилиши бўйича изоҳ берди деб хабар қилган Кун сайти..
“Кечадан буён мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва блогерларидан Ўзбекистон ва Россия Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунларига изоҳ беришимни сўраб, мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.
Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди деб таъкидлади Ўзбекистон президенти матбуот котиби.