Украинадан Польша орқали қарийб 1200 нафар Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинди
1-2 март кунлари “Uzbekistan Airway” АЖнинг учта самолёти билан 677 нафар Ўзбекистон фуқароси Польшанинг Катовице аэропорти орқали Украинадан эвакуация қилинганини Ўзбекистон ТИВ хабар қилган.
Ўзбекистон ТИВ хабарида келтирилишича, "жорий йил 2 март ҳолатига кўра, умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали бешта авиарейслар билан 1 186 нафар ватандошимиз олиб келинди”.
Бугун яна иккита эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган. Биринчи рейс Тошкент шаҳридан соат 07:00 да учиб кетган бўлса, кейингиси соат 10:00 да парвоз қилади деб хабар қилган Спутник сайти..
Польша ҳудудида мамлакатнинг 800 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 350 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 450 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакат фуқароларини эвакуация қилиш ишларини давом эттирмоқда.
Польша ва Украинадаги дипломатик ваколатхоналари узлуксиз тартибда ишламоқда. Фуқаролар учун иссиқ овқат етказилиб, зарур ҳолларда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.