Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилинди
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлиги матбуот хизмати Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди, дея хабар берди
Бу қарор «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми» томонидан 2021 йилда пахта теримида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларига асосан қабул қилинган. Ҳисоботда ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган.
2009 йилда Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган эди. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган деб хабар қилган Газета.уз сайти.
«Сўнгги 12 йил давомида юзлаб компанияларни ўзбек пахтасидан воз кечишга ундаганимиздан сўнг, биз Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини бекор қилиш вақти келганини эълон қилишдан мамнунмиз, — деди Responsible Sourcing Network бош директори ва Cotton Campaign асосчиларидан бири Патрисия Юревич. — Энди компаниялар ўзлари меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишини баҳолашлари ва Ўзбекистондан пахта сотиб олиш бўйича қарор қабул қилишлари керак».
«Ўзбек форуми» ҳисоботида қайд этилишича, пахта терими мавсуми тизимли мажбурий меҳнатсиз ўтказилган бўлса-да, кузатувчилар маҳаллий ҳокимият томонидан мажбурлаш ва аралашиш ҳолатлари, шунингдек, айрим мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлашган. Бундан ташқари, далаларда мониторинг қилиш ва салоҳиятни ошириш билан шуғулланадиган мустақил гуруҳларда рўйхатдан ўтиш, эркин фаолият юритишнинг чегаралангани ривожланишга тўсиқ бўлмоқда.