Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
(last modified Thu, 02 Jun 2022 05:25:32 GMT )
июн 02, 2022 10:25 Asia/Tashkent
  • Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
    Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1062,6 млн долларлик 75 савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Ўзбекистон ва Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат расмий ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форумни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид очиб берди.

Форумда тез орада “Ойбек” ва “Фотехобод” назорат пунктларининг ёнида “Ўзбекистон – Тожикистон” чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

“Савдо-саноат зонаси ташкил этишдан мақсад - ўзаро савдо-сотиқни ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантиришдир. Унда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, икки республика орасида енгил саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, тоғ - кон саноати ва энергетика соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш ниятлари маълум қилинди.