Мирзиёев ва Раҳмон иштирокида абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзоланди
(last modified Fri, 03 Jun 2022 09:58:41 GMT )
июн 03, 2022 14:58 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев ва Раҳмон иштирокида абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзоланди
    Мирзиёев ва Раҳмон иштирокида абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзоланди

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари Мирзиёев ва Раҳмоннинг музокаралари якунлари бўйича маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

 Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни ва ушбу мамлакат делегацияси аъзоларини меҳмондўст Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Тожикистон бизнинг асрлар синовидан ўтган яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз ва ишончли стратегик шеригимиз эканини яна бир бор таъкидлади.

«Ўзбекистон халқи биродар тожик халқи билан тарих, маданий-маънавий мерос ва аждодларимизнинг эзгу анъаналари муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қадрлайди. Ёруғ кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам биз доимо елкама-елка турганмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз», – деди давлатимиз раҳбари.

Президент биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан икки томонлама муносабатларда ҳақиқатдан катта марраларга эришишга, уларни жуда юқори даражага кўтаришга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

Айнан шу туфайли бугун чинакам тарихий аҳамиятга эга қарор қабул қилингани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзолангани қайд этилди.

«Ўзбекистон президенти мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини Тожикистонда жуда қадрлашади. Жорий йил октябрь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини нишонлайдилар. Аҳамиятлиси, биз учун муҳим бўлган айнан шу йилда муносабатларимизни иттифоқчилик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдик», – деди Имомали Раҳмон.

Кейинги йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 баробарга, жорий йил бошидан эса 35 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди.

Ташриф арафасида Душанбе шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Тошкент шаҳрида эса бизнес форум ўтказилиб, уларнинг якунида қиймати 1 миллиард доллардан зиёд салмоқли ҳужжат ва шартномалар имзоланди, саноат кооперацияси бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Шу йил 20 июн кунидан бошлаб Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поездининг қатнови йўлга қўйилади.