Москвада Сергей Лавров ва Сардор Умурзаков бошчилигидаги делегациянинг учрашуви бўлиб ўтди
3-4 июнь кунлари бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Москва шаҳрига сафар қилди.
Ташриф давомида Умурзаков Россиянинг бир қатор расмийлари, хусусан, Ҳукумат раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Учрашувлар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалдаги келишувларнинг ҳаётга жорий этилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг амалий механизмлари бўйича муштарак позициялар ишлаб чиқилди.
Учрашув якунида томонларни қизиқтирган масалаларни ҳал қилишга қаратилган навбатдаги тадбирлар бўйича таклифлар алмашилди. Ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган барча йўналишларига доир амалий ҳамкорлик қилиш йўллари тўғрисида келишиб олинди.
Ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етган. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошган.